Бугуннинг мавзуси

Бугуннинг мавзуси

Бугуннинг мавзуси
УН ВА НОН МАҲСУЛОТЛАРИ БИЛАН ТЎЛИҚ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда аҳоли истеъмоли ҳамда ишлаб чиқариш учун тўлиқ ун етказиб берилмоқда.
Шу йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида аҳоли истеъмоли ва ишлаб чиқариш учун 107 минг 809,6 тонна ун маҳсулотлари тарқатилди. Вилоятдаги 355 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар, ижтимоий таъминот муассасалари, биржа савдоси орқали қайта ишлаш корхоналари, аҳоли истеъмоли учун турғун ва кўчма савдо дўконлари белгиланган миқдорда ун маҳсулотлари билан таъминланди.
Вазирлар Маҳкама-сининг 2019 йил 14 октябрь кунги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ҳам вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ички бозорда нархнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида савдо кунлари бўйича тасдиқланган ҳажмдаги ун ва дон маҳсулотлари узлуксиз биржа савдоларига қўйилиши таъминланяпти. Айни жараёнда вилоят, шаҳар-туманларда мониторинг Штаби ташкил этилиб, вилоятимизнинг барча ҳудудларида кунлик назорат ишлари олиб борилмоқда.
Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз юз фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилмоқда. Вилоятимизда жойлашган 5 та дон корхоналари томонидан тасдиқланган режага асосан маҳсулотлар биржа савдолари орқали эҳтиёждан ортиқчаси билан сотилишига эришиляпти. Ишлаб чиқарилган нон ҳажми ва нархи таҳлил қилинганда вилоят бўйича ун ҳамда нон маҳсулотлари нархи бир меъёрда сақланиб келаётганини кўриш мумкин. нарх-наво борасида вилоят мониторинг Штаби томонидан доимий мониторинг ишлари йўлга қўйилган.
Ўз навбатида вилоятда қиш мавсумида транспорт қатнови қийин бўлган тоғли ҳудудларга кирувчи маҳалла фуқаролар йиғинларига ун маҳсулотини узлуксиз етказиш мақсадида уларнинг рўйхати шакллантирилди. Шу билан бирга маҳалла ва қишлоқлар сони ҳамда бир ойлик талаб этиладиган ун маҳсулоти миқдоридан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ун етказиб берувчи корхоналар бириктирилди. Мисол учун, Сўх туманининг 30 та МФЙда истиқомат қилувчи қарийб 11 минг нафар аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 428 тонна ун маҳсулоти етказиб бериш 3 та (“Сўх ширин нон” хусусий корхонаси, “Сўх савдо инвест” МЧЖ ва “Сўх чашма” хусусий фирмаси) корхонага бириктириб қўйилган.
– Бағдод, Риштон, Олтиариқ ва Сўх туманлари бўйича 1000 та фермер хўжаликлари билан шарт-нома имзоланган бўлиб, жорий йилги ғалла мавсумида 75 минг тонна дон қабул қилиб олдик,–дейди “Бағдоддонмаҳсулотлари” АЖнинг молия-иқтисод масалалари бўйича директори Нуриддин Давронов. – Айни пайтда корхонамизда фаолият олиб бораётган 450 нафарга яқин ишчи-мутахассисларимиз томонидан олий, биринчи ва иккинчи навли ун ишлаб чиқарилади. Шу йилнинг тўққиз ойида истеъмолчиларга қарийб 30 минг тонна ун маҳсулотлари етказиб берилди. Корхонамизнинг соф фойдаси 12 миллиард 697 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди. Ҳисобот даврида нон ва макарон, омухта ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кепак олиш, уруғлик буғдой тайёрлаб бериш бўйича белгиланган барча режалар ортиғи билан бажарилди.
Корхонамиз омборларида эҳтиёжимиздан ортиқчаси билан захира яратилган ва халқимизни ун ва ун маҳсулотлари билан таъминлашда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бугунги кунда биржа савдоларига ун маҳсулотини режа-жадвал асосида қўйилиши бўйича мунатазам равишда мониторинг ишлари олиб борилади. Фарғона ва Қўқон синов-сертификатлаштириш бўлимлари мутахассислари эса тадбиркорлик субъектлари томонидан қолипли нонни ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш жараёнида “Ўзстандарт” агентлиги қарори билан тасдиқланган “Нон ва макарон маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Махсус техник регламент талабларига мос ҳолда ишлаб чиқарилишини доимий назоратга олишган.
Ботир МАДИЁРОВ,
Шерзод ҚОРАБОЕВ (сурат),
“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбирлари.